Давлат божи ставкаларининг 4-бандига ўзгартириш киритилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат божи ставкаларининг 4-бандига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Давлат божи ставкаларининг 4-бандига (Нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга оширганликлари учун қуйидаги миқдорларда давлат божи ундиради) киритилиши режалаштирилган ўзгартиришлар ва қўшимча:

“б” кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“б) Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мол-мулкни олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун:

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан кўчмас мол-мулк сотиб олинганда – шартнома суммасининг 5 фоизи, аммо энг кам ойлик иш ҳақининг камида 10 баравари миқдорида;

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 3300 бараваридан кам бўлмаган миқдорида янги қурилган кўчмас мол-мулк сотиб олинганда – шартнома суммасининг 10 фоизи миқдорида;

Изоҳ: “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган Рўйхатнинг 2, 5, 9 –11-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган шахс томонидан Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудида доимий яшаб турганига (лавозимда бўлганига) уч йил тўлмасдан янги қурилган кўчмас мол-мулк сотиб олинганда, у ушбу кичик бандда белгиланган ставкада давлат божи тўлайди.

Агар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мол-мулк икки ёки ундан ортиқ шахс томонидан умумий мулк ҳуқуқи асосида сотиб олинган тақдирда, уларнинг ҳар бири мазкур кичик бандда белгиланган ставкада давлат божи тўлайдилар”.

“г” кичик бандда:

учинчи хатбошидаги “жисмоний” сўзи “бошқа” сўзи билан алмаштирилади;

тўртинчи хатбоши чиқариб ташланади;

“е” кичик банднинг изоҳ қисми қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилади:

“Давлат божи миқдори гаровга (ипотекага) қўювчи ва лизинг олувчи томонга қараб, агарда уларнинг сони бир нечта бўлганда энг кўп миқдор бўйича ундирилади”;

“р” кичик банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“автомототранспорт воситасини бошқариш ва мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқини берувчи ишончнома ва автомототранспорт воситасидан текин фойдаланиш шартномасини тасдиқлаганлик учун”;

“с” кичик банднинг биринчи хатбошисидаги “мол-мулкни тасарруф этиш” деган сўзлар “мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш” деган сўзлар билан алмаштирилади;

“ю” кичик банд ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади;

“я-1” кичик банднинг изоҳ қисмидаги “бекор қилиш ҳамда мол-мулкни ўзга шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиш ва тақиқни” деган сўзлар чиқариб ташланади.