КЎП ҚАВАТЛИ АРЗОН УЙ-ЖОЙЛАР НАРХИНИНГ ЎСИШИГА САБАБ

2017 ва 2018 йилларда қурилиш ишлари механизм ва принциплари ўзгармаган бир хил типдаги лойиҳалар, машина-механизмлар, қурилиш материаллари ҳамда 2017 йил қурилиш ишларида қатнашган пудрат ташкилотлари томонидан амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 23 октябрдаги ПҚ-3350-сонли қарорининг 1а иловасидаги дастлабки бахосидан келиб чиқиб, уйнинг 1м2 нархи 2 841 170 сўмни ташкил этиши тўғрисида ҳокимликлар ва банкларга 2017 йил 25 октябрда хатлар билан мурожаат қилинган. Қарорнинг 12-бандида қурилиш ишларини лойиҳа ишлари билан бир вақтда амалга оширишга рухсат берилганлиги сабабли 2018 йил март ойида лойихаларни Давлат экспертиза кўригидан ўтказилиб ижобий хулосалар олингандан сўнг 2018 йил 29 майда уйнинг 1м2 нархи юқоридаги экспертиза хулосасига асосан қайта ҳисобланганлиги тўғрисида ёзма равишда жойлардаги хокимиятлар тегишли банк муассасалари таништирилган. Уй-жойларнинг нархини ўсишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган.

Биринчидан, 2017 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5177-сонли фармони қабул қилиниб, унга кўра валюта курсининг эркин бозор нархи ўрнатилди. Бу албатта, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган, четдан импорт қилинадиган қурилиш материаллари нархига хусусан ёғоч-тахта, том ёпиш учун ишлатиладиган металл листлар ва бошқа материалларга таъсир этди. Яъни 1 тн профнастил нархи 2017 йилда 3 047,0 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу 9 594,0 минг сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 314,8% ни, ёғоч-тахта маҳсулотлари 2017 йилда 1 м.куб. нархи 878,0 минг сўмни ташкил этган бўлса 2018 йилда 1 805,0 минг сўмни, ўтган йилга нисбатан 205,6 % ни ташкил этган.
Иккинчидан, Мамлакатимизни эркин рақобат иқтисодиётга тўлиқ ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сонли қарорига асосан, 2018 йил 1 январидан бошлаб республикамизда ишлаб чиқарилиб кўп қаватли арзон уй-жойлар қурилиши учун имтиёзли нархларда ажратилган цемент ва металл махсулотларини биржа савдолари орқали сотиш тартиби жорий этилганлиги сабабли ушбу махсулотлар нархлари ўзгаришига олиб келди. Хусусан 2017 йилда 1 тн цемент нархи 135,1 минг сўмни, 2018 йилда ушбу нарх 305,8 минг сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 226,3 % ни ташкил этган. 1 тн металл нархи 2017 йилда 1 901,0 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2018 йилда 4 595,0 минг сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 241,7% ни ташкил этган. Бундан ташқари ёқилғи мойлаш маҳсулотлари нархи 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 202% га ошган.
Учинчидан, 2017 йил 1 декабрдан ойлик иш ҳақи миқдорлари ўртача 15% га ошганлиги, ҳамда 2018 йилда 2017 йилга нисбатан газ, электр энергиялар нархларининг ошиши ўз навбатида қурилиш молларининг нархларида ўзгаришга олиб келди. Хусусан 1 дона ғишт нархи 2017 йилда 430 сўмни ташкил этган бўлса, 2018 йилда 880 сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 204,7 % ни, 1 м.куб. шағал ва қум нархи 2017 йилда 31 400 сўмни ташкил этган бўлса, 2018 йилда 55 000 сўмни, ёки ўтган йилга нисбатан 175,2% ни ташкил этган.
Юқорида келтириб ўтилган ўзгаришлар натижасида 2018 йилда 2017 йилга нисбатан асосий қурилиш моллари нархлари ўртача салкам 185,5% га ошган бўлиб, табиий равишда бу кўрсаткич кўп қаватли арзон уй-жойлар нархлари ўзгаришига таъсир этган. Лекин арзон уй-жойлар қурилишига берилган тегишли солиқ имтиёзлар сабабли, уй-жойларнинг 1 м.кв. нархлари 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 139% дан 141,0 % гача ўсган.
2017 йилга нисбатан 2018 йилда нархларнинг ошганлиги сабабли фуқаролар томонидан дастлабки бадални тўлашни енгиллаштириш мақсадида 2018 йил 18 июлдаги 3863-сонли Президент қарорига кўра кўп қаватли арзон уй-жойлар учун фуқаролар томонидан тўланадиган дастлабки бадал миқдори хонадон нархининг 25% ўрнига 15% этиб белгиланди. Бунинг натижасида юзага келган фарқ фуқаролар аризаларига асосан қайтариб тўлаб берилади.
2018 йилда Тошкент шаҳар ва вилоятларда қурилиши режалаштирилган уй-жойлар нархларини кўриб чиқиш тўғрисида рахбарият ва Қурилиш Вазирлигининг қатор топшириқлари асосида қурилиш жараёнида буютмачининг техник назоратчилари ва мутахассислари, лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назорати, ДАҚН ходимлари томонидан ҳамда ахоли талабларидан келиб чиққан холда лойиҳалар қайта кўриб чиқилди. Лойиҳани қайта кўриб чиқиш натижасида қўшимчалар, ўзгартиришлар ва оптималлаштириш ишлари тегишли хулосалар олинган холда амалга оширилди. Ушбу ишлар уй-жойларнинг таннархини тушириш учун бажарилди ва Тошкент шаҳри Сирғали туманида 47 380 млн. сўм маблағ дастлабки тақдим этилган қийматига нисбатан тежаб қолинишига эришилди. Бунинг натижасида уй-жойларнинг 1 м2 нархи олдинги тақдим этилган нархларга нисбатан 150,0 минг сўмдан 300,0 минг сўмгача арзон холда тегишли ташкилотларга тақдим этилди.

                                                                       Матбуот хизмати